← AI луғати

AI агент

AI agent

Мақсадни олиб, режа тузадиган, воситаларни ўзи ишлатадиган ва натижани текшириб, ишни охирига етказадиган AI.

Оддий чатбот саволга жавоб ёзади, холос. Агент эса мақсад олади, режа тузади, керакли воситаларни ишлатади (браузер, файллар, дастурлар), натижани текширади ва хато бўлса қайта уринади.

Ичида янги сеҳр йўқ. Бу ўша кейинги сўзни тахмин қиладиган тил модели. Фақат энди у "браузерни оч" ёки "файлни сақла" деган буйруқларни ҳам ёзади, махсус дастур эса уларни бажаради. Тил модели мия бўлса, воситалар қўллар.

Ўхшатиш: чатбот сизга палов ретсептини айтиб берадиган қўшни. Агент эса бозорга бориб, масаллиқ олиб, паловни ўзи дамлаб берадиган ёрдамчи. Лекин қанча пул сарфлаш ва меҳмонга нима тортишни сиз ҳал қиласиз.

Мисол: «Сунъий интеллект — оддий тилда» сериясининг монтажида AI агент қатнашган. У видеони тинглаб, сўзма-сўз ёзиб олди, пауза ва такрорларни кесди, анимациялар учун код ёзди, субтитр қўшди. Ғоя, сценарий ва якуний қарор эса Абдурашидда. Бир марта AI овози битта гапни икки марта такрорлаб юборган, буни агент эмас, одам топган.

Олтин қоида: пул тўлаш, хабар юбориш, бирор нарсани ўчириш каби ишларни агент сиздан сўрамай қилмаслиги керак.

Хато тушунча: "агент ўз хоҳиши билан иш қилади". Унинг ўз иродаси йўқ, у берилган мақсад ва рухсатлар доирасида ишлайди. Хавф ёмон ниятда эмас, вазифани нотўғри тушунишда ва ортиқча рухсатда.